Ёзги таътил мавсумида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Урганч» болалар соғломлаштириш оромгоҳида бир қатор ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.
Ушбу тадбирлар Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Дастур доирасида болалар учун “Камондан отиш” бўйича маҳорат дарси, шунингдек шахмат ва шашка бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Маҳорат дарсида иштирокчилар камондан отишнинг асосий қоидалари, хавфсизлик чоралари ва тўғри нишонга олиш техникалари билан яқиндан танишдилар. Болалар ушбу спорт тури билан танишиб, ўз куч ва маҳоратларини синаб кўриш имконига эга бўлдилар.
Шахмат ва шашка бўйича ташкил этилган мусобақалар эса оромгоҳда соғлом рақобат муҳитини яратиб, болаларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида болалар билан Ватанга муҳаббат, ҳарбий хизматга ҳурмат, тинчлик ва хавфсизликни асраш каби мавзуларда маънавий-маърифий суҳбатлар ҳам ўтказилди. Миллий гвардия муддатли ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар эса тадбирга алоҳида руҳ ва қизиқиш бағишлади.
Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида юртга садоқат, ватанпарварлик ва ижтимоий фаоллик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.