Вилоят Миллий гвардия бошқармалари ҳамда вилоят ҳарбий прокуратуралари ташаббуси билан Термиз ва Фарғона вилоятларида куч тузилмалари билан ҳамкорликда ёш авлод ўртасида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар ёшларга ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини сингдириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш, шунингдек, куч тузилмалари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида маҳаллалар кесимида ўтказилди.
Тадбирлар давомида ўқувчи-ёшлар учун ҳарбий хизматчиларнинг кундалик фаолияти ҳақида маълумотлар берилди, ҳарбий техникалар кўргазмалари, спорт мусобақалари ва турли ватанпарварлик акциялари уюштирилди. Шу билан бирга, иштирокчиларга ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, ҳарбий бурч ва шараф ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди.
Тадбир иштирокчилари орасида ҳарбий соҳа ва юрт ҳимоясига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани, ёшлар ўзларининг билим ва салоҳиятини айнан шу йўналишда синаб кўришга интилаётганликлари кузатилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу каби учрашув ва лойиҳалар ёшлар онгида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, уларни соғлом ва ижтимоий фаол ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.