Ёшларнинг бугунги кундаги қизиқишлари ва уларни қийнаб келаётган муаммоларини жойида ҳал этиш бугун долзарб ҳисобланади. Хусусан, Бектемир туманидаги 337-сонли умумтаълим мактабида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ташкил этилди. Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига керакли жавоблар олишди. Йиғилиш кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Шайхонтоҳур туманидаги 192-сонли умумтаълим мактабида ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбир ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар, туман ҳокимлиги ва «Кўкча» маҳалла масъуллари ва ота-оналар иштирок этди.
Тадбирда ҳуқуқбузарлик ва жиноятга мойил шахслар назоратини кучайтириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, психотроп ҳамда наркотик моддаларни тарғиб қилувчи «наркограффити» ёзувларни аниқлаш ва ўчириш каби масалалар бўйича мутахассислар томонидан муҳим кўрсатмалар берилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда юқоридаги долзарб мавзулар юзасидан видеороликлар намойиш этилди.
Мазкур туманнинг 314-сонли умумтаълим мактабида эса “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ва маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда "Маънавият куни" тажрибаси мисолида ўтган тадбирларга туман ҳокимлиги, Миллий гвардия, ички ишлар вакиллари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар таклиф этилди. Тадбир доирасида мактаб қошида фаолият кўрсатаётган турли касб-ҳунар, фан, спорт, санъат, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги тўгараклари аъзолари ўз чиқишларини намойиш этдилар. Мактабнинг тажрибали ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ташкил қилинди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 171-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларни ватанпарварлик рухида тарбиялаш мақсадида Афғонистон уруши қатнашчилари фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинди. Тадбирда қизиқарли маърузалари ва видеороликлари билан ўқувчилар қизиқиш билан кўриб тинглашди. Тадбир сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.