Бухоро вилоятидаги «Ҳумо» болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олаётган мактаб ўқувчилари учун ҳудудий камондан отиш федерацияси ва Бухоро вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида камондан отиш бўйича махсус маҳорат дарслари ташкил этилди.
Тадбир давомида болаларга ушбу спорт турининг тарихи, дунё ва юртимизда тан олинган машҳур камончилар, шунингдек, мамлакатимизда камондан отиш спортининг бугунги ҳолати ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди. Тажрибали мураббийлар томонидан камондан отиш техникаси намойиш этилди. Шундан сўнг ҳар бир бола ўзида диққат ва маҳоратни синаб кўриш имкониятига эга бўлди.
Иштирокчилар ташкилотчиларга кўплаб саволлар йўллашди. Энг кўп берилган саволлар қуйидагилар бўлди: қайси жойларда камондан отиш бўйича тўгараклар фаолият юритмоқда, бу спорт тури билан шуғулланишни истаганларга қандай талаблар қўйилади ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун қанча вақт талаб этилади?
Айтиш жоизки, бу каби маҳорат дарсларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад — камон отиш спортини ёшлар ўртасида оммалаштириш ва қизиқиш уйғотишдир. Ушбу тадбирлар орқали иқтидорли ёшлар аниқланиб, улар келгусида Ўзбекистон терма жамоаси таркибини тўлдириши мумкин.
Шу билан бирга, мактаб ўқувчилари учун ташкил этилаётган бундай машғулотлар таътил кунларини мазмунли ва фойдали ўтказишга хизмат қилади.