Юртимизда амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу ташаббус ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 10 та умумтаълим мактабида ҳам ёшлар иштирокида қизиқарли ва тарбиявий аҳамиятга эга тадбирлар ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар доирасида ҳарбий анжом ва аслаҳалардан иборат кўргазмалар, хизмат итлари иштирокида кўргазмали чиқишлар, шунингдек, шахмат ва шашка ўйинлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган ўқувчилар ҳарбий хизматга оид анжомлар билан яқиндан танишдилар, ватан ҳимоячиларининг кундалик фаолияти, уларнинг тайёргарлик жараёнлари ҳақида тасаввурга эга бўлдилар. Айниқса, хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, шахмат ва шашка мусобақалари орқали ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, фикрлаш доирасини кенгайтириш мақсад қилинган.