Жиззах вилоятида Миллий гвардия бошқармаси томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун спорт мусобақалари ташкил этилди. Ушбу тадбир оилалар учун ёзги таътилни мазмунли ва фаол ўтказиш, шунингдек, спортга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ўтказилди.
Мусобақаларда ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғлари ва фарзандлари фаол иштирок этдилар. Дастлаб, “Қувноқ стартлар” спорт эстафеталари ўтказилиб, иштирокчилар жисмоний фаоллик ва жамоавий ҳаракат кўникмаларини намойиш этдилар. Шундан сўнг шахмат-шашка, стол тенниси ҳамда камондан ўқ отиш спорт турлари бўйича қизиқарли беллашувлар ташкил этилди.
Бундай спорт тадбирларининг ўтказилиши ҳарбий хизматчилар оила аъзолари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш ҳамда оила аъзолари ўртасида дўстона ва илиқ муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди ва фаол қатнашган оила вакиллари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.