Ёзги таътил мавсумида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
Ушбу тадбирлар Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Дастур доирасида болалар учун камондан отиш бўйича маҳорат дарси, шунингдек шахмат-шашка ва арқон тортиш каби спорт мусобақалари уюштирилди.
Шахмат ва шашка бўйича ташкил этилган баҳслар соғлом рақобат муҳитини яратиб, оромгоҳ иштирокчиларининг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилди. Арқон тортиш ва бошқа жамоавий ўйинлар эса болалар ўртасида дўстона муҳитни мустаҳкамлаб, уларни жисмонан чиниқишга ундади.
Мазкур тадбирлар болаларда ватанпарварлик, жамоавийлик ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни кучайтириб, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишларига хизмат қилмоқда.